Тошкент вилоятида бир кунда 228 нафар пиёда жаримага тортилди

Тошкент вилоятида бир кунда 228 нафар пиёда жаримага тортилди

Тошкент вилоятида тез-тез «Диққат, пиёда!» профилактик тадбири ўтказиб борилмоқда. Куни кеча ҳам ана шу тадбир вилоят миқёсида ўтказилди, деб хабар бермоқда вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати.

Тадбир ўтказилган бир кунда жами 228 нафар пиёдага нисбатан МЖтКнинг 138-моддаси 1-қисми билан маъмурий чоралар кўрилган.

Бу модданинг 1-қисм билан пиёдаларга қуйидагилар тақиқланган:

  • йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслик;
  • йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш;
  • йўлнинг қатнов қисмида ва пиёдалар ўтиш жойида телефондан фойдаланиш, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиш, видео томоша қилиш ва аудиоматериалларни эшитиш, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш.

Юқоридаги ҳуқуқбузарликлар учун санкция – БҲМнинг учдан бир қисми (74 333 сўм) миқдоридаги жарима.

«Бекобод туманида яшовчи фуқаро, 1971 йилда туғилган У.Х. Бўка туманида йўлни белгиланмаган жойидан, серқатнов транспорт воситалари орасидан кесиб ўтаётган вақтда ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилди ва унга қилган хатоси тушинтирилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қарангки, бу пиёда аввал ҳам худди шундай қоидабузарлиги учун жаримага тортилган экан.

Қуйичирчиқ туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори К.Шахюсупов ҳам йўлни белгиланмаган жойидан, транспорт воситалари ҳаракатига ҳалал берган ҳолда кесиб ўтаётган пиёда, 1991 йилда туғилган М.Ғ.ни тўхтатиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирди.

Бу каби мисолларни яна талайгинасини келтириб ўтишимиз мумкин. Аммо гап фақат мисолларда эмас, балки қоидаларга амал қилишда. Чунки йўл ҳамиша тасодифларга тўла бўлган. Йўлларимизда хавф-ҳатар ҳамиша мавжуд. Ундан асраниш эса аввало ҳар кимнинг ўз қўлида эканлигини унутманг.

Йўлларда доимо ҳушёр ва сергак бўлинг. Унутманг, сиз кўриб турган нарсаларни ҳайдовчи кўрмаслиги мумкин. Ҳайдовчилар, йўлда хавф тўсатдан пайдо бўлишини доимо ёдда сақланг. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг», – дейилади Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати хабарида.