Тошкент вилоятида Дамаслар қатновига рухсат берилди

Тошкент вилоятида Дамаслар қатновига рухсат берилди

Тошкент вилояти махсус комиссиясининг  топшириғига мувофиқ, 2020 йилнинг 15 сентябридан бошлаб Тошкент вилояти ҳудудида йўналишли такси йўналишларида “Дамас” русумли енгил автомобиллар қатновини  қайта тиклашга рухсат берилди.

Бунда бир қатор  санитария ва меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши талаб этилади:

- ҳар қатновга чиқишдан олдин ҳайдовчи ва чиптачиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 С ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик;

- ҳайдовчиларнинг  тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлишини ҳамда транспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган ҳолда бўлишини таъминлаш;

- йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишини назорат қилиш, тиббий ниқоби бўлмаган ҳолатда уларнинг транспортга чиқишига йўл қўймаслик;

- транспорт воситасини  доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш;

- санитар ишлов берилмаган, техник кўрикдан ўтмаган, техник носоз транспорт воситасини ишга чиқарилишини қатъиян таъқиқлаш.

Шунингдек, ташишларни пандемия шароитида карантин ва ҳаракат хавфсизлиги, йўловчилар ташиш қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш юзасидан йўловчи ташиш билан шуғулланаётган корхоналар масъул ходимлари томонидан йўриқномалар ўтказиб борилиши талаб этилади.

Бунда ҳар бир транспорт воситалари лицензия варақалари билан тўлиқ таъминланган бўлиши шарт.