Тошкент вилоятида «Жигули» ҳайдовчиси 2-синф ўқувчисини уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолди. Жабрланувчи ҳодиса жойида вафот этди

Тошкент вилоятида «Жигули» ҳайдовчиси 2-синф ўқувчисини уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолди. Жабрланувчи ҳодиса жойида вафот этди

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолган ҳайдовчи ушланди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 20 июль куни 22:00 ларда Тошкент—Нурафшон—Оҳангарон автомобиль йўлининг 40-километрида «ВАЗ-2103» автомобили йўлни кесиб ўтаётган 2-синф ўқувчисини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Жабрланувчи олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида ЙТҲни содир этишда гумон қилинган ҳайдовчи қўлга олинган.

«Йўлнинг ўртасида ёши каттароқ аёл, 3-5 метр узоқликда эса бир аёл турганди. Аёлни айланиб ўтаётганида болакай йўлимга чиқиб қолди. Машинани чеккага олдим, бироқ улгурмадим. Бола машинамнинг қанот қисмига тегди, орқамдан келаётган машина эса устидан ўтиб кетди. Қўрққанимдан кетиб қолдим», — дейди ҳайдовчи.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у машина ичида бўлган йўловчиларни ташлаб, ЙТҲ содир бўлган жойга қайтиб келган. Бироқ ҳеч ким йўқлигини кўриб, «ҳеч нарса бўлмаган» деб ўйлаган ва уйига қайтган.