Тошкент вилоятидаги энг баланд тураржой фойдаланишга топширилди

Тошкент вилоятидаги энг баланд тураржой фойдаланишга топширилди

Узоқ йиллар давомида Чирчиқ шаҳрида бирорта ҳам кўп қаватли уй-жой қурилмаган эди. Кейинги йилларда шаҳар қиёфаси тубдан янгиланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Чирчиқда ўнлаб замонавий, зилзилабардош ва энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилди. Хусусан, 2017-2019 йиллар давомида биргина “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК томонидан давлат дастури асосида уй жойга эҳтиёжманд оилалар учун шаҳарда 18 та 7 қаватли тураржой қуриб фойдаланишга топширилган эди. 2020 йилда қурилиши бошланган 2 та 16 қаватли тураржой мажмуаси эса нафақат Чирчиқ шаҳри учун балки, Тошкент вилоятида ҳам ўзига ҳос янгилик бўлди.  

Шаҳар қурилиш инвестнинг маълум қилишича, Мазкур уйлар қуйма темирбетон конструкция ҳисобланади. Ҳар бир хонадон тўлиқ газлаштирилган ва  индивидуал иситиш тизимига эга. Хонадонлар мўътадил иқлимини сақлаши учун бино ташқи деворлари базальт минерал плитаси билан қопланган. Бинода иккитадан замонавий юк кўтариш қобилияти юқори лифтлар ўрнатилган. Энерготежамкор уйларда рақамлаштирилган технологиялар кенг қўлланилган бўлиб, ёнгин хавфсизлиги, хавфсизлик чоралари нанотехнологияга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.  

Айни пайтда мазкур уйларда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб ўз эгаларига фойдаланишга топширилди. Ушбу уйлар аҳолига 20 йиллик ипотека кредитлари асосида берилди. Ҳозирда ҳудудда яна 2 та ҳар бири 80 хонадонли 16 қаватли уйлар бунёд этилаётган бўлиб, тез кунларда тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади.