«Тошкент вилоятини иккига бўлиш ҳақида ўйлаяпман, қўлимда харита ҳам бор» – Шавкат Мирзиёев

«Тошкент вилоятини иккига бўлиш ҳақида ўйлаяпман, қўлимда харита ҳам бор» –  Шавкат Мирзиёев

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Kun.uz  хабарига кўра, сессияда иштирок этган ва вилоятга янги ҳоким тавсия қилган давлат раҳбари Тошкент вилояти иккига бўлиниши мумкинлигини айтган.

“Ҳозир сизларга бир сирни айтаман. Қўлимда харита турибди. Тошкент вилоятини иккига бўлишни режалаштириб турибман. Конституция бўйича шундай ҳуқуқ менга берилган, таклиф беришим мумкин.

Жимиб қолдинглар, биламан, бу сизларга ёқмайди. Аммо вилоятда бирлик йўқ. Ангреннинг оқсоқоли айтган гапни Чинозликлар қабул қилмайди. Шу билан бирга, вилоятнинг жойлашуви ноқулай, Ангрендан Бекободга етгунча жуда узоқ вақт кетади. 22та ҳудудни бошқариш қийин.

Бу фикрни ҳозирча ўзимда сақлаб турибман. Мана ҳозир Ҳидоятовни сизга раҳбар сифатида тавсия этяпмиз. Яна бир марта имкон бериб, Тошкент вилоятининг ривожланишини кўрмоқчиман”, деди президент сессия иштирокчиларига қарата.