Тошкент халқаро кинофестивали фаолияти тикланади

Тошкент халқаро кинофестивали фаолияти тикланади

1968 йилдан бошлаб ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали яна ўз фаолиятини тиклайди. Бу ҳақида “Ўзбеккино” миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов маълум қилди.

Бугун, 17 декабр куни, Тошкентда “Ўзбекистон кинематографияси: ўтмиш, бугун, келажак” мавзусида миллий кино куни бўлиб ўтмоқда. Тадбир Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги ва “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” мавзусидаги IV халқаро конгресс доирасида ташкил этилган.

“Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбеккино” миллий агентлигига ташрифи чоғида Тошкент кинофестивали фаолиятини янги йўлга қўйиш масаласи кўтарилган эди. Кинофестивал фаолиятининг яна қайта тикланишини тантанали равишда маълум қиламан”, дея Абдухолиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали 1968-1997 йилларда май ойи охири – июнь ойи бошида давлат кинематография қўмитаси ва киноарбоблар уюшмаси томонидан ўтказилган. Фестивал дастурида турли жанр ва тенденцияларга оид янги фильмлар намойиши, турли хил ахборот дастурлари, мунозара клублари ва давра суҳбатлари, кино бозори ташкил этилган. Фестивалда юзга яқин хорижий давлатларнинг таниқли киноижодкорлари ва маданият вакиллари иштирок этишган.

“Ўзбекистон кинематографияси: ўтмиш, бугун, келажак” мавзусидаги миллий кинематографияга бағишланган кун давомида хорижий меҳмонлар - Валдис Пельш, Жаник Файзиев, Александр Кесселларнинг "Ўзбеккино" билан ҳамкорликдаги лойиҳалари тақдимоти, ижодий учрашувлар, фотокўргазма ҳамда "Фариданинг икки минг қўшиғи" фильми премьераси бўлиб ўтиши режалаштирилган.