Тошкентда 3 нафар аёл имконияти чекланган қизни калтаклади

Тошкентда 3 нафар аёл имконияти чекланган қизни калтаклади

Ижтимоий тармоқларда жисмоний имкониятлари чекланган (кар-соқов) қизга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлаётганлиги акс этган видеолар тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабарига таяниб, «UzNews.uz» тарқатган хабарга кўра, 24 май куни 28 ёшли Мумтозбегим Д. Миробод туманидаги уйида танишлари – 20 ёшли Диёра Б. ва 23 ёшли Мукаррам М. билан Моҳизода В.га тан жароҳати етказишган.

У ўзи яшаб келган ушбу хонадондан фақатгина 25 майдан 26 майга ўтар кечаси кўчага чиққан. Нукус кўчасида Моҳизода В. Йўлдан ўтиб кетаётган тез тиббий ёрдам машинасини тўхтатиб, қўл ҳаракатлари билан тиббий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган ва оёғидаги жароҳатларни кўрсатган. Кечаси соат 03:15 да тез тиббий ёрдам ходимлари ИИББга бу ҳақда хабар берган.

Ҳозирда барча иштирокчиларнинг шахси аниқланган, суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “в” банди (Қийнаш, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса)билан жиноят иши қўзғатилган.