Тошкентда 31 ёшли маст аёлнинг танишларига кўрсатган каратэ усули унинг ўлимига сабаб бўлди

Тошкентда 31 ёшли маст аёлнинг танишларига кўрсатган каратэ усули унинг ўлимига сабаб бўлди

Тошкентнинг Яшнобод туманида танишларига кўрсатган каратэ усули муваффақиятсиз якунланган 31 ёшли аёл пичоқланди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Хабарга кўра, 2020 йилнинг 23 декабрь куни соат 09:03 да Яшнобод тумани Сандиқли 1-тор кўчаси 2-уй олдида тан жароҳатлари билан номаълум аёлнинг мурдаси топилган. Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мурданинг шахси аниқланиб, у 31 ёшли Даря К. эканлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, 22 декабрь куни соат 16:30 ларда Даря К. танишлари Александр К. ва Владимир А. билан Александр К.га тегишли Султонали Машҳадий кўчасида жойлашган уйлардан бирида тиббиёт спиртини истеъмол қилишган. Сўнгра Даря К. маст ҳолатда бўла туриб, Владимир А.га каратэ усулларини кўрсатишни бошлаган. Шу вақтда у Владимир А.га бехосдан жароҳат етказган. Владимир А. бундан жаҳли чиқиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан икки маротаба аёлнинг кўкрак қисмига жароҳат етказган. Натижада аёл тан жароҳатлари билан хонадондан чиқиб кетган ва юқорида кўрсатилган жойда хушини йўқотиб, вафот этган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Владимир А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида ҳодиса содир бўлган жойдан ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда Владимир А. жиноят ишига айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов давом этмоқда.