АОКА штабида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Нега Тошкент шаҳри беморлар сони кўплигига қарамай, «сариқ» ҳудуд бўлиб қолмоқда? Март-апрель ойларида кунлик касаллар сони ҳозиргидан кам бўлса-да, қатъий карантин чоралари қўлланилганди?
— Тошкент шаҳрида касаллик қайд этилган маҳалла, мавзе, даҳа ва йирик объектлар бўйича карантин чекловлари ўрнатилмоқда. Унга кўра:
жами 513 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 42 таси — «қизил» ҳудуд; 132 таси — «сариқ» ҳудуд; 339 таси — «яшил» ҳудудга ажратилган.
Тошкент шаҳри пойтахт эканлиги ҳисобга олиниб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ва ҳаракатларига таъсир қилмай, тадбирларни манзилли белгилаш тизимли тарзда амалга оширилмоқда.