Тошкентда фуқаронинг беҳаё расмларини тарқатмаслик учун 60 минг доллар талаб қилганлар ушланди

Тошкентда фуқаронинг беҳаё расмларини тарқатмаслик учун 60 минг доллар талаб қилганлар ушланди

Тошкент шаҳрида 21 май куни фуқаронинг беҳаё расмларини тарқатмаслик учун 60 минг доллар талаб қилганлар ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, соат 12:00 атрофида Юнусобод тумани Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тадбир ўтказилган. Унда 22 ёшли А.Ж. таниши 21 ёшли А.Ў. билан биргаликда унга олдиндан таниш бўлган 22 ёшли Ж.Ш.нинг беҳаё суратларини Telegramда «Лимон» номли саҳифа очиб, Ж.Ш.га беҳаё суратларини юбориб, уни оила аъзоларига тарқатиш билан қўрқитиб, 60 000 доллар беришини талаб қилган. Сўнг 2250 долларга келишиб, А.Ў. Юнусобод тумани «Megaplanet» савдо маркази олдида Ж.Ш.дан 2000 доллар ва 3 000 000 сўм пулларни олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир давомида А.Ж.нинг телефон аппарати холислар иштирокида кўздан кечирилган. Шунингдек, ушбу фуқаро муқаддам 26 ёшли Р.З.дан ҳам суратларини тарқатмаслик эвазига 10 000 000 сўм пулларни талаб қилиб, 6 000 000 сўмни почта орқали олгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани бўйича ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.