Тошкентда “Ғалаба боғи мажмуаси” қурилади

Тошкентда “Ғалаба боғи мажмуаси” қурилади

Фото: Air Cinema

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ғалаба боғи мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада Тошкент шаҳри Олмазор туманида барпо этилган Иккинчи жаҳон уруши даврига оид “Ғалаба боғи мажмуаси” оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфига берилиши белгиланган.

Мазкур мажмуа Марказий хиёбон, Темир йўл вокзали, ҳарбий техникалар майдончалари, Амфитеатр ва маъмурий бино, Ғалаба ҳудуди, Урушнинг даҳшатли қиёфаси акс этган майдон, Фронт орти ҳудуди, Мотам ва андуҳ ҳудуди, Шоду-хуррамлик ҳудуди, Шукроналик ҳудуди, Ғалаба ҳудуди, Шон-шараф давлат музейи ҳамда монумент ва ҳайкаллардан иборат бўлиб, тарихий ҳақиқатлар ҳақида маълумот беришга хизмат қилади.

Ўтганлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган мажмуада маънавий-маърифий тадбирлар, республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳам белгилаб ўтилган.

Шунингдек, мажмуада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда мавзуга оид виртуал экскурсиялар ташкил этиш шароитини яратиш ҳам режалаштирилган.

Лойиҳа билан ушбу ҳаволаси орқали танишишингиз ҳамда таклифларингизни билдиришингиз мумкин.