Тошкентда гаражининг бузилишига қаршилик кўрсатган аёлга қўпол муносабатда бўлган ИИБ ходимига хизмат текшируви тайинланди

Тошкентда гаражининг бузилишига қаршилик кўрсатган аёлга қўпол муносабатда бўлган ИИБ ходимига хизмат текшируви тайинланди

Тошкент шаҳар ИИББ Яшнобод туманида ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ва гаражининг бузилишига қарши чиққан фуқаро ўртасида юзага келган можарога муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 18 август куни Яшнобод тумани ИИО ФМБга Жарқўрғон кўчасида жанжал бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган профилактика инспектори З.Баимбетов 1978 йилда туғилган К.Ольга туман ҳокимияти вакилларига қаршилик кўрсатаётганига гувоҳ бўлган.

Аниқланишича, «Жарқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Обод маҳалла» дастури доирасида олиб борилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида маҳаллада жойлашган ноқонуний қурилмалар бузилаётган бўлган.

Шу ҳудудда истиқомат қилувчи К.Ольгага тегишли бўлган гараж ноқонуний қурилгани сабабли олиб ташлаши лозимлиги ҳақида туман ҳокимияти томонидан у бир неча маротаба огоҳлантирилган. Шунга қарамасдан, гаражни ўз ихтиёри билан олиб ташламаган аёл ҳокимият вакиллари томонидан бузилишига қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақорат қилган ва жанжал кўтарган.

Профилактика инспектори томонидан жанжални тўхтатиш, жамоат тартибини сақлаш, вазиятни юмшатиш ва ҳолатни тўлиқ ўрганиш мақсадида К.Ольгага тинчланиши айтилган ва маҳалладаги таянч пунктга таклиф этилган. Бироқ К.Ольга ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, унга фаол қаршилик кўрсатган, атрофдаги фуқароларни ўзига жалб қилиш мақсадида бақир-чақир қилиб, тўполон кўтарган.

Шундан сўнг профилактика инспектори К.Ольгага куч ишлатиб хизмат машинасига ўтқазган. К.Ольгага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ҳамда 198-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судига юборилган.

Профилактика инспектори аёл кишига қўпол муносабатда бўлгани бўйича Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан хизмат текшируви тайинланган.