Тошкентда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзолари фаолиятига чек қўйилди — ИИВ

Тошкентда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзолари фаолиятига чек қўйилди — ИИВ

15 сентябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 10 нафар «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу шахсларнинг барчаси муқаддам мазкур ташкилот сафида содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққан шахслар ҳисобланадилар. Улар Интернет тармоғи орқали хорижда яшириниб келаётган «Хизб ут-Таҳрир» ДЭТ аъзолари билан алоқа қилишган.

«Уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва тарафдорлари сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Маълум қилинишича, мазкур шахсларнинг яшаш манзиллари ва уяли алоқа воситаларида «Хизб ут-Таҳрир» ДЭТга тегишли бўлган адабиётлар ва материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида, тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.