Тошкентда икки кундан сўнг карантин бекор қилинадими?

Тошкентда икки кундан сўнг карантин бекор қилинадими?

Бугун АОКА штабида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

— Тошкент шаҳрида карантин 2 кундан кейин тугайди деган хабарлар жтимоий тармоқларда тарқалди. Бу нечоғлик ҳақиқатга яқин?

— Ижтимоий тармоқларда тарқатилган, Тошкент шаҳрида карантин икки кундан кейин тугайди деган хабарлар асоссиз. 

Карантинни ўрнатиш ва уни бекор қилиш Республика мувофиқлаштириш комиссиясининг ваколати  хисобланади.

Ушбу комиссиянинг расмий маълумотидан ташқари, тарқатилган  барча турдаги маълумотларга асло ишониш керак эмас.

Уларнинг маълумотига ишонсангиз ва карантин талабларини бузсангиз, демак Сиз карантин талабларини бузганликда айбланасиз ва маъмурий жавобгарликга (жаримага) тортилишингиз мумкин.

Жиноят кодексининг 244 (прим 5) - моддасига мувофиқ, ҳақиатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини унутмаслик керак. 

— Яқинда коронавирус қайд этилмаган ҳудудларда босқичма-босқич карантин талабларини юмшатиш бўйича Президентимиз топшириқ берди. Республикамизда шундай ҳудудлар борми?

— Жорий йилнинг 29 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди ва карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш мақсадида Республика махсус комиссияси қарор қабул қилди.

Ушбу Қарорнинг 1-бандида республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган чекловларни босқичма-босқич бекор қилинсин, дейилган.

Бугунги кунда республикамизда касаллик умуман қайд этилмаган қишлоқлар, туманлар анча кўп, ҳатто Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида аниқланган беморларнинг барчаси соғайган.

— Бир қатор давлатлар Хитой тест тизими яроқсизлигидан шикоят қилишган. Шу сабаб вазият назоратдан чиқиб кетган. Бизда Хитойдан келтирилган тестлар билан қандай текширишмоқда?

— Жавоб тушунарли бўлиши учун республика бўйлаб лабраториявий ташхис қандай қўйилишини тушунтираман.

Ўзбекистонда жойлардаги вирусология лабораториялари аҳоли орасида беморларни аниқлаш ишларини олиб боради.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг вирусология лабораторияси вилоятлардан жўнатилган шубҳали ва мусбат намуналарни тасдиқлаш ва якуний ташхис қўйиш билан шуғулланади.

Тест тизимлари сезувчанлик ва ўзига хослик билан баҳоланадиган бўлса, Ўзбекистонда қўлланадиган Хитой, Германия ва Россия тест тизимлари юқори сезувчан ва ўзига хос.