Тошкентда иккита ковид-марказ ёпилди. Марказларнинг ёпилиши эпидемиологик вазият барқарорлашганини англатиши айтилди

Тошкентда иккита ковид-марказ ёпилди. Марказларнинг ёпилиши эпидемиологик вазият барқарорлашганини англатиши айтилди

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, коронавирусга қарши курашишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида очилган айрим марказлар («Атлас», «Ёшлик») вақтинчалик ёпилди. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.

«Тошкент шаҳридаги тақсимлаш марказлари ёпилишининг сабабларидан бири коронавирусга чалинган беморлар сони камайганидир. Шунингдек, тақсимлаш марказларининг ёпилиши, пойтахтда, умуман, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашганини англатади.

Тўғри, кўплаб мамлакатларда коронавирус кенг тарқалмоқда, кўплаб давлатлар иккинчи тўлқиндан азият чекмоқда. Бу бизни ҳушёрликка чақириши лозим. Шунга кўра, бугунги кунда давлат ва барча манфаатдор вазирлик, идоралар эпидемиологик вазиятни назорат қилиш бўйича ишлар олиб боришмоқда ва касаллик динамикаси ошганда ёпилган объектлар тезкор равишда қайта очилади.

Бундан ташқари, мамлакат шифокорлари ва олимлари пандемия даврида коронавирусга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича катта тажриба орттиришди, касбий маҳоратларини ҳам оширишди.

Шунингдек, коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган барча мавжуд марказлар зарур ётоқ-ўринлари, тиббиёт ускуналари ва дори воситалари билан таъминланган, малакали тиббиёт ходимлари ҳам бириктирилган. Марказлар ёпилган тақдирда ҳам ушбу таъминотлар сақлаб қолинади. Такрорий тўлқин рўй берса, ушбу марказлар ва ресурслар аҳолига қайта юқори малакали ёрдам кўрсатиш учун тикланади», деди Севара Убайдуллаева АОКАда ўтказилган брифингда.