Тошкентда имконияти чекланган қизни калтаклаган 27 ёшли йигит терговдан яширингани учун қидирувга берилди

Тошкентда имконияти чекланган қизни калтаклаган 27 ёшли йигит терговдан яширингани учун қидирувга берилди

Тошкентнинг Чилонзор туманида 27 ёшли йигит пул сабабли кар-соқов қизни калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Пойтахт ИИББ матбуот хизмати ушбу йигит терговдан қочиб яширингани учун қидирувга берилганини эълон қилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

Қайд этилишича, имконияти чекланган қиз ва йигит ўртасидаги жанжал юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан 1994 йилда туғилган Ўткиржон Холматовга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу йигит жиноят иши доирасида ўтказилаётган тергов-тезкор ҳаракатларидан қочиб яширинган. Шу сабабли унга қидирув эълон қилинган.

«Ҳурматли фуқаролар! Агарда сиз суратдаги Ўткиржон Холматовни қаердалигини билсангиз ёки у ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, 71-281-92-54, 71-281-94-37, 97-449-02-11, 98-337-72-22 рақамлари орқали хабар беришингизни сўраймиз. Махфийлик кафолатланади», — дея таъкидланган ИИББ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, имконияти чекланган 22 ёшли қиз ва 27 ёшли йигит ўртасида жанжал 20 август куни соат 08:00 да Чилонзор тумани «Шарқ» маҳалласи ҳудудида келиб чиққан. Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган видео ҳам тақалди. Унда йигит қизни ураётганини кўриш мумкин.

Пойтахт ИИББ бадан шикастлари оғирлиги даражасини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланганини, терговолди текшируви натижаларига кўра зарур чоралар кўрилишини маълум қилган.