Тошкентда калтакланган фуқаролар қасдини олиш мақсадида мебель дўконини ёқиб юборди

Тошкентда калтакланган фуқаролар қасдини олиш мақсадида мебель дўконини ёқиб юборди

Тошкентда икки фуқаро уларни калтаклаган шахсдан қасдини олиш мақсадида мебель дўконига ўт қўйиб, 600 миллион сўм зарар етказди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, 14 февраль куни соат 19:00 ларда Чилонзор тумани Гулистон мавзеси ТХАЙ кўчасида гумма сотувчи Й.А. гумма сотиш учун мўлжалланган столини йиғиштириб, аравага ортаётган вақтида унга илгари тан жароҳати етказиб, ҳақорат қилган С.С. Ж.Т. билан Lacetti’да келиб, Й.А.ни тўхтатган вақтида у ушбу автомашинани олд ва икки олд эшиклари ойналарини аравада бўлган стол оёғи билан уриб синдириб, ушбу стол оёғи билан С.С.га ҳам тан жароҳати етказган.

Ушбу жанжалга гумма сотувчи эркакнинг қариндоши Б.К. ҳам қўшилиб, қўлидаги темир қувур (труба) билан С.С.га тан жароҳати етказган.

Ушбу жанжалдан сўнг, 15 февраль куни соат 04:50 да, С.С. ва Ж.Т. қасд олиш мақсадида гумма сотувчи эркакнинг қариндоши Б.К.га тегишли, укаси К.К.нинг номида бўлган, Зангиота тумани Эшонгузар қўрғони ҳудудидаги мебеллар дўконига қасддан ўт қўйиб, жами 500 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ушбу мебеллар дўконига туташган Grant Builder МЧЖнинг сотув маркази биносининг бир қисмига ҳам ёнғин ўтиб, 100 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўт қўйган С.С. ва Ж.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, С.С. ва Ж.Т. жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Й.А. ва Б.К.га нисбатан эса Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.