Тошкентда куёв йўлини тўсган қайнанасини итариб юбориб, қайнатасини пичоқлади

Тошкентда куёв йўлини тўсган қайнанасини итариб юбориб, қайнатасини пичоқлади

Тошкент шаҳар Бектемир туманида куёв шаръий никоҳдан ўтиб, яширинча яшаб келган аёлининг отасини пичоқлади. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йигит К.И. Д.Ҳ. турмушидан ажрашган, бир нафар фарзанди борлигига қарамай, у билан шаръий никоҳдан ўтиб, яширинча яшай бошлаган. Таъкидлашича, бундан фақат Д.Ҳ.нинг ота-онаси хабардор бўлган. 2017 йилнинг 17 октябрь куни ота-онасининг қистови билан М. исмли қизга қонунан уйланган. Шундан сўнг К.И. иккиси билан ҳам яшай бошлаган. 2019 йилнинг декабрида М. қиз фарзанд, 2020 йилнинг февралида Д.Ҳ. ўғил фарзанд кўрган. 2020 йилнинг март–апрель ойларида Д.Ҳ. билан ўртасида тушунмовчиликлар авжига чиқиб, тез-тез жанжал бўлиб турган.

Оқибатда Д.Ҳ. аразлаб, қариндошларининг уйига кетиб қоладиган одат чиқарган. К.И. 2020 йилнинг 24 июль куни турмуш ўртоғи Д.Ҳ.ни йўқотиб қўйган. Қўнғироқ қилганида Нурафшон шаҳрида яшовчи холасининг уйида эканлигини маълум қилган. К.И. унинг гапларига ишонмай, хиёнатда гумон қилган. Ўша воқеа содир бўлган куни унинг уйига бориб, эшик ёпиқлиги учун девор орқали ҳовлига сакраб тушган. Йўлини қайнанаси Г. Ҳ. тўсганида уни тирсаги билан туртиб юборган. Шу пайт йўлидан қайнатаси С.Ҳ.чиқиб, бор кучи билан унинг ёқасидан тортган. Бундан жаҳл чиққан К.И. чўнтагида бўлган сувенир очилиб-ёпилувчи (финка) пичоқни тўрт-беш маротаба унга санчган.

Ҳолат юзасидан К.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3‑қисми «а» банди билан айбли, деб топилган. Унга шу моддага асосан Жиноят кодексининг 57‑моддасини қўллаган (Енгилроқ жазо тайинлаш) ҳолда 5  йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.