Тошкентда Ленинград қамалига бағишланган ёдгорлик ўрнатилиши мумкин

Тошкентда Ленинград қамалига бағишланган ёдгорлик ўрнатилиши мумкин

Ўзбекистоннинг Тошкент, Туркманистоннинг эса Ашхобод шаҳрида Ленинград қамали хотираси билан боғлиқ ёдгорликлар ўрнатилиши мумкин. «ТАСС»нинг ёзишича, бу ҳақда Санкт-Петербург маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 6 сентябрь куни Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ишчи учрашувда Туркманистон ва Ўзбекистондаги шериклари билан бу масалани ўрганиш ҳақида тўхталиб ўтган.

«Яқинда Манчестерда ёдгорлик тахтаси ўрнатилди. Олдинроқ Қирғизистон ва Арманистонда блокада болалари учун ёдгорликлар очилган эди. Уруш пайтида бу республикалар эвакуация қилинган ленинградликларни қабул қилган. Биз шерикларимиз билан биргаликда ҳозирда Ашхобод ва Тошкентда блокада монументларини яратиш устида ишлаяпмиз», — деган Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов.

Маълумот учун, Ленинград қамали пайтида урушдан, совуқдан ва очликдан 420 минг нафар аҳоли вафот этган, шулардан 7 минг нафари ўзбекистонлик аскарлар бўлган ва улар хотирасига Санкт-Петербург шаҳридаги Пскаревский қабристонида ёдгорлик ўрнатилган.