Тошкентда Марказий Осиёда ягона бўлган ген дерматозларини даволаш бўлими очилди

Тошкентда Марказий Осиёда ягона бўлган ген дерматозларини даволаш бўлими очилди

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги бу ген дерматозларини даволаш бўлими ирсий тери касалликлари, хусусан, буллёзли эпидермолиз ва ихтиозни ташхислаш ва даволаш учун мўлжалланган.

Ўзбекистонда буллёзли эпидермолиз касаллигининг 300 дан ортиқ ҳолати қайд этилган бўлиб, касаллик терида бўлган яралар билан ажралиб туради. Яраларни доимо махсус боғлов вoситалари билан қоплаш ва қайта зарарланишдан ҳимоялаш керак. Буллёзли эпидермолизга эга инсонларни “капалаклар” деб аташади, чунки уларнинг нозик териси капалак қаноти билан таққосланади. 

Ихтиоз билан касалланганлар анча кўпроқ – улар 1900 нафардан ортиқ. Ихтиозга эга беморларнинг териси намликни сақлаб туролмайди ва доим махсус воситалар ёрдамига муҳтож. Терининг ташқи кўриниши балиқ тангачаларига ўхшагани туфайли, беморларни “балиқчалар” деб аташади.

Бунга қадар Ўзбекистонда ноёб генетик дерматозларни даволаш амалга ошириладиган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаси йўқ эди. Касалликнинг жиддий ҳолатларида беморлар чет элга даволаниш ва жарроҳлик амалиётини амалга ошириш учун юбориларди.

Яқин фурсатларда даволаш бўлимида Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган беморлар ҳам тиббий ёрдам олишлари мумкин бўлади.