Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув ходимларига пойтахтнинг Яшнобод туманидаги бильярд клубида қимор ўйинлари ташкил этилаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Текширув натижасида маълумот тасдиқланди.
Мазкур клуб кўздан кечирилганда 52 ёшли раҳбар Баҳром А. Қимор ўйинлари учун бинода алоҳида хона ажратгани маълум бўлиб, бу таваккалчиликка асосланган ўйинлар тизимли равишда ўтказилишидан далолат қилар эди.
Клубга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари текширув билан келганларида у ерда покер ўйновчи 6 киши ва клуб ишчиларидан уч киши – 48 ёшли Мирзоҳид И., 24 ёшли Давлатбек Д. ва муқаддам судланган 25 ёшли Тимур Ж.лар бор эди.
Ашёвий далиллар сифатида 2.700 АҚШ доллари, 6.000.000 сўм ва “Poker” ўйини учун тошлар бор эди. Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278 -моддаси (“Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.