Тошкентда қиморда ютқазган талаба ўзига пичоқ урди. Унга ҳукм ўқилди

Тошкентда қиморда ютқазган талаба ўзига пичоқ урди. Унга ҳукм ўқилди

“Ёлғоннинг умри қисқа”, деган ибора ҳаммамизга яхши таниш. Ҳақиқатан ҳам бу гапда юз фоиз жон бор. Ёлғон ишнинг қачондир миси чиқиб, бошқаларни алдамоқчи бўлган одамнинг юзи шувут бўлиб қолади. Қуйидаги воқеамиз қаҳрамони ҳам ўз қилмишини ёлғон билан беркитмоқчи бўлди. Аммо бу ишнинг уддасидан чиқолмади...

 

Ўзига-ўзи пичоқ урди

Судланувчи Низом Рўзиев (исми-шарифлар ўзгартирилган) пайнет дўконида ишлаб туриб, ушбу дўкон кассасидаги МЧЖ раҳбари Нажот Ташбоевга тегишли бўлган 6.000.000 сўм миқдордаги нақд пулларни пайнет орқали, ижтимоий тармоқдаги виртуал ўйинига ютқазиб қўяди. Бу пулларни қайтара олмаслигини билиб, дўкондаги шкаф тортмасида турган пичоқ билан ўзининг қорин соҳасига тан жароҳати етказади. Кейин Тошкент шаҳар ИИББнинг “102” рақамига гўёки номаълум шахс унга пичоқ билан тан жароҳати етказиб, дўкон кассасидаги 6.000.000 сўм пулларни босқинчилик йўли билан тортиб олганини айтиб, ёлғон хабар беради.

 

“Ёлғон хабар бериш жиноят эканлигини билмаганман”

Судланувчи Низом Рўзиев судда айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

— 2020 йилнинг октябрь ойидан бери шу пайнет дўконида ишлаб келаман. Вазифам уяли алоқа компаниясига тегишли сим карталарни, уяли телефон аппаратлари учун турли аксесуарларни сотиш, карталарни фаоллаштириш ва автотранспорт воситаларини суғурта қилишдан иборат эди. Воқеа содир бўлган куни ҳар доимгидек соат 08.40 да ишга келдим, шу куни кечгача дўкон кассасида тахминан 6 миллион сўмга яқин пул йиғилди. Буни кўриб, менда уни айлантириш, ютсам, устидан қолган пулни ўз фойдамга ишлатиш фикри туғилди. Шундан кейин ижтимоий тармоқлардаги виртуал ўйинга мазкур пулларни туширдим. Яъни бу ўйинга пул тикиб, ҳисобдаги 6 миллион сўмни ютқазиб қўйдим. Бундан жаҳлим чиқиб, телефонимдаги ўйинни ўчириб ташладим. Шунча пулни жойига қайтариб қўя олмаслигимни тушуниб, қўрқиб кетдим. “Энди дўкон эгасига нима дейман?” деган ўй тинчлик берамади. Шундан кейин номаълум шахс келиб, пичоқлаб, пулларни олиб кетди, дейман, деб режа туздим. Шкаф тортмасида турган пичоқни олиб, чап биқинимга тиқдим. Пичоқ тиғи тахминан 1,5 см.лар кирганидан кейин қорнимдан қон сизиб чиқа бошлади. Буни кўриб, дўкон эгаси Нажот Тошбоевга, кейин онамга қўнғироқ қилиб, тузган режам бўйича номаълум шахс ҳужум қилиб, пулларни олиб кетганини айтдим. Шундан сўнг дўкон эгаси ва отам дўконга етиб келишди. Нажот Тошбоев менинг сўзларим бўйича “102” га қўнғироқ қилди. Отам мени зудлик билан касалхонага олиб кетди, у ерда беш кун даволандим. Суруштирув давомида ИИБ ходимларига ёлғон кўрсатма бердим. Ёлғон гапим тез орада фош бўлди. Бу ишни 6 миллион сўмни қайтара олмаслигимдан қўрқиб, қилдим. Жиноят ҳақида билиб, аммо ёлғон хабар бериш ҳам жиноят эканлигини билмаганман. Аввалари ҳам ижтимоий тармоқларда турли хил ўйинларни ўйнаб, ютқазиб қўйган ҳолатларим бўлган. Оиламиз моддий жиҳатдан яхши, яъни пулга мухтожлик жойим бўлмай ўсганман. Ҳозирда қилган ишимдан афсусдаман, олий таълим муассасаси талабаси эканлигимни, қилган ишимдан пушаймонлигимни инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман.

Ҳукм ўқилди

Низом Рўзиев ЖКнинг 237-моддаси, 2-қисмининг “а,г” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди ва шу моддага ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Акмал Мирзахонов, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раис ўринбосари,

Лола Шоимова журналист