Тошкентда сохта қадимий тангаларни салкам 57 млн сўмга сотишга уринган аёл қўлга олинди

Тошкентда сохта қадимий тангаларни салкам 57 млн сўмга сотишга уринган аёл қўлга олинди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида фуқарога муқаддам асл олтин тангани ноқонуний ўтказиб, кейин уларнинг нусхаларини сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Чилонзор тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Г.М. фуқаро Н. ва М.нинг ишончига кириб, уларга рангли металл кўринишидаги 4 дона тангани гўёки 1899 йилда Россия империясида ишлаб чиқарилган ҳақиқий қадимий танга сифатида баҳолаб, 56,9 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, Г.М. муқаддам Н.га 1 дона рангли металл тангани қадимий танга сифатида баҳолаб 14,1 миллион сўмга сотганлиги аниқланган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Экспертиза хулосасига кўра, 5 дона танганинг 1 таси 1899 йилда Россия империясида ишлаб чиқарилган ҳақиқий олтин танга эканлигини, қолганлари унинг нусхаси эканлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.