Тошкентда тўланмаган жарималари сабаб қидирувда бўлган Nexia ҳайдовчиси ЙПХдан қочаётганида инспектор ва пиёдани уриб юборди

Тошкентда тўланмаган жарималари сабаб қидирувда бўлган Nexia ҳайдовчиси ЙПХдан қочаётганида инспектор ва пиёдани уриб юборди

Тошкентда таъқибдан қочишга уринган ҳайдовчи пиёда ва ЙПХ ходимини уриб юборди. У атрофдаги пиёда ва ҳайдовчиларга хавф туғдирган ҳолда бир неча бор қоидабузарлик содир этган, шунингдек, тўхтатилганидан кейин ҳам жанжал кўтарган, деб хабар беради пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги кўчаларнинг бирида фуқаролар ва ЙПХ ходимлари ўртасида катта жанжал содир бўлгани тасвирланган видео тарқалди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 30 сентябрь куни соат 23:00 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари хизмат давомида қидирувда бўлган (кўплаб тўланмаган жарималари туфайли қидирувга берилган) Nexia-2 автомобилини кўриб қолиб, унга жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ҳақида ишора берган. Аммо ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.

Ҳолат ҳақида маълумот рация орқали бошқа ходимларга етказилган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ 4-батальони 2-мобил гуруҳи командири майор Рустам Исмоилов ва ЙПХ инспектори катта сержант Атабек Исмаилов Lacetti хизмат автомобилида қоидабузар ортидан йўлга чиққан. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттиргани сабаб уни мажбуран тўхтатишга қарор қилинган.

Бунёдкор ва Қатортол кўчалари кесишмасида ходимларнинг саъй-ҳаракатлари билан Nexia-2 автомобили мажбуран тўхтатилган. ЙПХ ходими автомобилидан чиқишини кутган Nexia ҳайдовчиси яна ҳаракатни бошлаб, майор Рустам Исмоиловни уриб юборган ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, пиёда ва бошқа транспортлар учун хавф туғдирган, шунингдек, пиёдалардан бирини туртиб кетган. Тез орада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари қоидабузар ҳайдовчини тўхтатган ва бошқа оғирроқ йўл-транспорт ҳодисасининг олди олинган.

Тўхтатилган автомобилнинг йўловчилари бўлган бир нечта аёл чиқиб, ЙПХ инспекторлари билан жанжал кўтарган.

Ҳайдовчи қашқадарёлик 24 ёшли Темур Ч. ва унинг йўловчилари – 21 ёшли Шаҳзода Ч., 39 ёшли Райҳон М., 44 ёшли Барногул М. ва 45 ёшли Боғдагул М. Чилонзор тумани ИИИО ФМБга етказилган.

Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижалари бўйича қонуний чора кўрилади.