Тошкентда йўл талашган ҳайдовчиларнинг ўзаро жанжали пичоқбозлик билан тугади

Тошкентда йўл талашган ҳайдовчиларнинг ўзаро жанжали пичоқбозлик билан тугади

Ижтимоий тармоқларда Учтепа тумани ИИО ФМБ биноси тасвирга туширилган видео тарқалди. Видеода фуқаро мазкур ИИО ФМБ ходимлари бир фуқарони ва унинг автомашинасини ушлашганини, лекин ушлаш сабаблари номаълум эканини билдирган.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, жорий йилнинг 29 январь куни тахминан соат 15:50ларда Учтепа тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига 23 ёшли Амриддин Н. тан жароҳатлари билан касалхонага келтирилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Суҳбат жараёнида Амриддин Н. шу куни тахминан соат 02:30ларда Учтепа туманидаги Фарҳод кўчасида ўз бошқарувидаги “Нексия-2” автомобилида кетаётганида “Нексия-1” автомобили ҳайдовчиси билан йўл талашиш оқибатида ўзаро низо келиб чиққанини, жанжал натижасида “Нексия-1” ҳайдовчиси, 26 ёшли Ойбек К. ўз автомобили салонидан пичоқ олиб, Амриддин Н.га тан жароҳати етказганини ва ҳодиса жойидан яширинганини маълум қилган.

Тезкор тадбир натижасида Ойбек К. ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди (“безорилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Унинг бошқарувидаги “Нексия-1” автомобили айрим тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Учтепа тумани ИИО ФМБ биносига жойлаштирилган.