Тошкентдаги Central Park ташриф буюрувчиларга 335 млн сўмдан ортиқ пулни қайтариб беради

Тошкентдаги Central Park ташриф буюрувчиларга 335 млн сўмдан ортиқ пулни қайтариб беради

Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги «Марказий боғ» (Central Park) унга ташриф буюрганларнинг 335 миллион сўмдан ортиқ пулини қайтариб беради. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.

Ушбу боғда карта тизими амал қилади. Тўлов картанинг орқа томонида унинг амал қилиш муддат кўрсатилган бўлиб, муддат тугагандан сўнг ундаги маблағлар карта эгасининг аризасига асосан хизмат кўрсатувчи касса томонидан 3 кунлик муддатда янги карталарга ўтказиб берилиши лозим.

Агентликнинг аниқлашича, Jet Invest МЧЖ ҚКга тегишли Central Park 2018 йилдан буён 130 минг нафар истеъмолчига боғда фойдаланиш карталари расмийлаштириб берган, улардан амал қилиш муддати ўтган 18 291 тасидан карта эгасини огоҳлантирмасдан пул ечиб олинган. Истироҳат боғига борган истеъмолчи картадан фойдалана олмагандан сўнггина бу ҳақда хабар топган. Истеъмолчиларнинг карталаридан ечиб олинган жами маблағ 335,6 миллион сўмни ташкил этган.

Истироҳат боғи маъмуриятининг таъкидлашича, бунга пандемия пайтида тўлов тизимида юзага келган техник носозлик сабаб бўлган.

Агентликнинг кўрсатмасига асосан, бугунги кунга қадар мазкур истироҳат боғи томонидан 643 нафар истеъмолчига 14,8 миллион сўм қайтарилди. Қолган маблағларни ҳам ўз истеъмолчиларига ўрнатилган тартибда қайтариш давом этмоқда. Ечиб олинган пулни қайтариб олиш учун истеъмолчилар касса ходимига мурожаат қилиши керак. Шундан сўнг картадаги баланс текширилади ва унда қолган маблағ янги картага ўтказиб берилади.