Тошкентдан «Ташморe»гача алоҳида йўлакда ҳаракатланувчи тезюрар автобуслар йўлга қўйилади

Тошкентдан «Ташморe»гача алоҳида йўлакда ҳаракатланувчи тезюрар автобуслар йўлга қўйилади

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов 11 октябрь куни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг «Тошкент вилоятида жамоат транспорти (bus rapid transit — BRТ) ҳаракатини халқаро тажрибаларни кенг қўллаган ҳолда янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига имзо чекди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Architects Engineers Planners Advisors компанияси билан Тошкент (Бектемир тумани)–Нурафшон–Тошкент денгизи (Туябўғиз сув омбори) йўналиши бўйича тезюрар автобус транзити қурилишининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш тўғрисида шартнома имзоланган.

Қарорда айтилишича, лойиҳанинг концепцияси аллақачон ишлаб чиқилган. Техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун вилоят бюджетидан 6,9 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, бу қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг март ойида вилоятга ташрифи чоғида берилган кўрсатмаларга, шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг март ва июнь ойларида берган кўрсатмаларига мувофиқ қабул қилинган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, Architects Engineers Planners Advisors масъулияти чекланган жамияти апрель ойида Тошкентда 3 миллион сўмлик устав капитали билан ташкил этилган. Асосий фаолият тури – қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

МЧЖ таъсисчилари – Туркия фуқароси Эрисен Саваш, Гоктуг Чиҳан Мазлум ва Шимсек Орхун, уларнинг ҳар бири компаниянинг учдан бир қисмига эгалик қилади.

Агар лойиҳа ишга тушса, бу Ўзбекистондаги биринчи BRТ линияси бўлади. 2021 йилнинг ноябрь ойида Президентга Тошкентда еттита BRТ линиясини ишга тушириш режалари тақдим этилган, уларнинг тўрттаси Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида, яъни 2021 йил сентябригача очилиши керак эди. Мазкур режаларнинг қайси босқичда экани номаълум.