Тошкентга фавқулодда қўнишни амалга оширган British Airways ўз йўловчиларини олиб кетди

Тошкентга фавқулодда қўнишни амалга оширган British Airways ўз йўловчиларини олиб кетди

British Airways’нинг йўловчиси вафот этгани учун Тошкентга қўнишга мажбур бўлган самолётида носозлик аниқлангани, лайнер вақтинча аэропортда қолгани тўғрисида хабар берилганди. Telegram’даги «Новости Ташкентского неба» каналининг ёзишича  23 сентябрь куни авиакомпания ўз йўловчиларини Тошкентдан олиб кетган.

«Британия авиакомпанияси лайнерининг экипажи йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қилгани сабаб Тошкентга фавқулодда қўнишни амалга оширган, шунингдек, бортнинг техник носозлиги сабаб аэропортда қолган BА-260 рейси йўловчиларини олиб кетиш учун Лондон—Тошкент—Лондон маршрути бўйича қўшимча BА-9154/BА-260 рейсини амалга оширди», — дейилади хабарда.

22 сентябрь куни ушбу рейсдаги 83 ёшли йўловчи аёл ўзини ёмон ҳис қилган. Самолёт Тошкентга етиб келганида аёл вафот этган. Барча йўловчилар самолётдан туширилиб, Тошкент аэропорти ҳудудига жойлаштирилган. Самолётга ёқилғи қуйилгандан сўнг, ёнилғи насоси ишламай қолган. British Airways бортида техник ходимлар йўқ бўлган, Uzbekistan Airways Technics муҳандислик ходимлари эса B777 самолётларига техник хизмат кўрсатиш лицензиясига эга бўлмаган.

Шунга қарамай, Буюк Британия Авиация бошқармаси зарур ишларни бажариш ва парвозлар журналини тузиш учун бир марталик рухсатнома берган. Шундан сўнг Uzbekistan Airways Technics томонидан B757 / B767 / B787 самолётларида ишлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган муҳандис ажратилган. Тақдим этилган ҳужжатларни текширилгандан сўнг, таъмирлаш ишига рухсатнома олди. Тегишли ишлар якунлангач, самолёт фойдаланишга топширилган. Бироқ хабарда айтилишича, экипажнинг иш вақти тугагани сабабли самолёт уча олмади ва экипаж дам олгунча Тошкент аэропортида қолган.