Тотализатор сиртмоғи

Тотализатор сиртмоғи

Ёш жамиятни заҳарлаш

Яқинда тотализаторларни қонунийлаштириш ҳақида ташаббус илгари сурилаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Агар бу содир бўлса заифҳол жамиятимиз жисмига янги заҳар сингдирилган бўлади.

Миллат бир асрдан ортиқ давом этган колониал истибдоди остидан чиқиши биланоқ деярли ўттиз йиллик диктатура босимига дучор бўлди. Бундай тутқунликдан эндигина чиқа бошлаган миллатни мустақил онг, соғлом тафаккур ва ижодкор меҳнатга кенгроқ жалб қилиш ўрнига кимдир уни янги ижтимоий фитналарга дучор қилмоқчи бўлаётгандек.

Етилмаган онг эгаси меҳнат машаққатини кўрмай тезда бойиб кетишини хоҳлайди. Оммавий кўнгил очди намойишлар, узлуксиз реклама ва атрофдагилар ҳою-ҳавас ва ҳасад ўчоғига тинмай ўт қалайди. Маошлар оз ва мансабларда ўсиш йўллари тор кўринган вақтда бесабр инсон қандайдир «мўъжизавий ютуқни»ни қўмсайди.

Кимдир қоғоз лоторея ва ичимлик қопқларидан омад кутса, бошқа шахс темир қурбақа, иримлар ва қабрларга умидини боғлаб қўяди. Орзу оғуши одамларни «нигериялик банкир» билан ёзишмага, «тармоқли маркетинг» ўргимчак уясига ва «аҳмадбойлар» пирамидасига элтади. Дарҳақиқат, бесабрлик табиати хос бўлган инсон учун шайтон хилма хил тузоқлар тайёрлаб қўйган.

“Германия жамоаси ютишини хоҳлайман. Чунки отам мен йиққан пулларимнинг ҳаммасини ўйинга тикиб юборди”

Жирканч «спорт»

Букмекерлик ва тотализаторларда спорт ўйинлари натижасига пул тикиб, ютуқ олиш имконияти ваъда қилинади. Бу айни қимор ўйнидан бошқа нарса эмас. Букмекер қиморбозлар ўртасида гўёки ўртакашлик қилаётган воситачидек ўзини кўрсатади, аслида у ўйинчини «азарт» сиртмоғига тушириб, бечорани узоқ вақт «соғиб» боради.

Тотализатор қимори руҳий касалликка осон айланади, унинг номи – лудомания. Инсон ўйнай бошлагач худди наркотикка ўргангандек пул тикишларга боғланиб, иродасидан маҳрум бўлади. Тотализатор қурбони топган пулини ўйинларда исроф қилади, оиласини қурита бошлайди, бировлардан қарз, банкдан кредит олиб туби кўринмас жарликка қулай бошлайди...

Спорт натижаларини олдиндан билиш учун «ўйинчи» қиморбоз турли спортчилар жамоалари фаолиятларини кузатишга қимматли вақтини бағишлаб юборади, ўзича натижаларни олдиндан топгандек ҳам бўлади. Аммо айрим ҳолларда ютган пули аввалги ютқазишларни қопламайди ва яна ўйинларга тикилиб йўқ бўлиб кетади.

Давлатга фойдаси йўқ

«Букмекерликни легаллаштириш давлат бюджетига катта солиқ тушумини туширади» дейдиганларга жавобимиз:

Биринчидан, қимор ўйинида асосан ижтимоий ва руҳий заифлашиб қолганлар ҳисобидан солиқ йиғиш айни адолатсизликдир.

Иккинчидан, букмекер даромадининг 99 фоизи солиқ қилиб олинган тақдирда ҳам қиморбозликнинг жамиятга келтирган қақшатқич зиёнининг 1 фоизини ҳам қоплай олмайди! Қанчадан қанча оилалар бахтсиз бўлиб болалар тирик етим қолади, қанчадан қанча инсонлар ижтимоий фойдали меҳнатдан чалғийди, яна қанчалари жиноят кўчасига кириб кетади.

Давлат мансабдорлари инсофларига қулоқ тутиб букмекерликни лоббизм қилаётганларга кескин рад жавобларини беришлари зарур. Бунинг ўрнига одамларни тадбиркорлик фаолияти, янги билим ва кўникмаларни ортиришга қаратилган турли лойиҳаларни имкон борича тарғиб қилиш, ҳалол меҳнат ва ижодлари билан катта ютуққа эришган ватандошларимизни оммага олиб чиқиб ёшларга намуна сифатида кўрсатишга эътибор берилса жамият гуллаб яшнайди. Давлатнинг асосий мақсади ҳам шу эмасми?

Azon.uz сайтидан олинди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.