Тўйдан аввал келин ва куёв коронавирусга тест топширадими?

Тўйдан аввал келин ва куёв коронавирусга тест топширадими?

Келин ва куёвларга тўйдан аввал коронавирусга тест топшириши қўшимча ҳимоя бўлиши мумкин, лекин бу ҳам 100 фоизлик аниқликни бермайди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова “Shifobaxshuz” телеграм каналига маълум қилди.

Барно Абдусаматованинг айтишича, ҳозирда тўйдан аввал келин ва куёвларни коронавирусга тест топшириш тартиби йўқ.

«Балки, бу нарсани жорий этиш керакдир? Лекин тест ҳам ҳамма нарсани аниқлаб беради дегани эмас», — деди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, бугун тест топширган одамга эртага вирус юқиб қолиш эҳтимоли бор.

«Тўйда иштирок этадиганларни бараварига тест топшириш керак деган талабни қўйиш ҳам нотўғри. Сабаби тест топширадиган жойга касал одамлар боради, у ерда юқтириб олиш хавфи бор. Одам тест топширган вақтда вирусга чалинмаган бўлиши мумкин, лекин топширгани боришда ёки бошқа сабаблар билан юқтириб олиш эҳтимоли бор», — деди Барно Абдусаматова.

Унинг қўшимча қилишича, тўйдан аввал тест топшириши қўшимча ҳимоя бўлиши мумкин, лекин бу ҳам тўла ҳимояланганлик даражасини бермайди.

Аввалроқ, июль ойи бошида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов аҳоли орасида тўй, турли маросим ва оилавий тадбирлар вируснинг тарқалишига хизмат қилаётганини маълум қилган эди.

Вазир берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида охирги бир ой ичида (июнь ойининг охири ва июль ойининг боши назарда тутилмоқда — таҳририят) 4 та тўйда 110 та касалланиш ҳолати аниқланган. Жумладан, Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. Тўйни 30 киши билан ўтказиш учун бир кунда уч марта тўй қилинган.