Туризм соҳасида 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин — Президент

Туризм соҳасида 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин — Президент

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда ички туризмни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу соҳада 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Шунингдек, туризмга хизмат қилувчи умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо каби йўлдош тармоқларда яна кўплаб иш жойлари ташкил этилади.

Бунинг учун ҳар бир ҳудудда имконият ҳам, саёҳатчилар диққатига сазовор жойлар ҳам етарли экани қайд этилди. Мисол учун, Янгиқўрғон туманида 16 та дам олиш масканини тиклаш ҳисобига 1 минг 500 нафар аҳолини, Бўстонлиқда 10 минг ўринга мўлжалланган кўчма дам олиш масканлари ташкил этиш орқали 8 мингга яқин кишини иш билан таъминлаш мумкин.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги сайёҳлик имкониятларидан ҳам тўла фойдаланилмаяпти. Халқ орасида уларни билмайдиганлар, кўрмаганлар ҳали кўп.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар билан бирга янги ички туризм маршрутлари очиш, кўчма дам олиш масканларини кўпайтириш, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини тараққий эттириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига сайёҳлар борадиган барча объектлар, меҳмонхона ва овқатланиш шохобчаларида карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш юклатилди.