«Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатлари қуриб битказилди (фото)

«Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатлари қуриб битказилди (фото)

Узунлиги 2,9 километр бўлган «Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етиб, «Шаҳристон» бекатига уланди. Метро поездларининг синов тариқасида ҳаракатланиш ишлари амалга оширилди.

Тошкент шаҳрида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш қамровини ошириш ҳамда дунёнинг ривожланган давлатларидан қолишмайдиган замонавий метрополитен тизимини ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Кўчалардаги тирбандликларнинг олдини олишда метро энг қулай транспорт воситаси ҳисобланади.  

Маълумки, Юнусобод тумани Тошкент шаҳри аҳоли жойлашуви бўйича энг зич ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шу боис ушбу туманда 2001 йилнинг август ойида 7,6 километрлик 6 та бекатдан иборат «Юнусобод» ер ости метро йўлининг 1-босқичи ишга туширилган эди.

2016 йилнинг декабридан эса "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан «Юнусобод» линиясининг «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатларигача бўлган узунлиги 2,9 километрдан иборат битказилмай қолган ҳудудида бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган эди. 

Ушбу лойиҳа "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг "Кўприкқурилиш трести" унитар корхонаси тизимидаги 67-Кўприкқурилиш отряди мутахассислари томонидан бажарилди. "Тошкент метро лойиҳа" масъулияти чекланган жамияти лойиҳалари асосида бунёдкорлик ишлари бажарилган объектнинг умумий қиймати 103,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳани ер ости туннель қисмини бурғулаш ишлари Марказий Осиёда илк бор қўлланилган Германия технологияси асосида механизациялаштирилган комплекс ёрдамида қазилиши, ҳамда юқори сифатли темир-бетон тюбинглар ўрнатилиши билан аҳамиятлидир. Ҳар бир бекат комплекс қурилишида монолит бетон услуби қўлланилди. 

Юнусобод линияси янги бекатлар билан ҳисоблаганда 8 та бекатдан иборат. Аҳмад Дониш кўчасида қурилган «Тукистон», «Юнусобод» ҳамда мавжуд «Шаҳристон», «Бодомзор», Минор", "Абдулла Қодирий", "Юнус Ражабий" "Минг ўрик" дан иборат. Ушбу йўналиш "Юнус Ражабий" бекатидан Чилонзор йўлининг "Амир Темур" ҳамда "Минг ўрик" бекатидан эса Ўзбекистон йўлининг «Ойбек» бекатига уланади. Ушбу линиянинг янги бекатлари фойдаланишга топширилгач бир кунда «Юнусобод» бекатида қўшимча 5 минг йўловчига, «Туркистон» бекатида эса 2 ярим минг йўловчига хизмат кўрсатилади.