Туркия фуқароларини коронавирусга қарши бепул эмлайди

Туркия фуқароларини коронавирусга қарши бепул эмлайди

Туркия Ҳукумати мамлакат фуқароларини коронавирус инфекциясига қарши бепул эмлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжа маълум қилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Хитойнинг "Синовак" вакцина ишлаб чиқарувчиси билан музокаралар аллақачон якунланган ва битим имзоланган.

"Эмлаш ишларини бошлаш учун Туркияга камида 10 миллион доза вакцина жўнатилган", деган Фахриддин Кўжа.

Шунингдек, вазир Туркия фуқароларини коронавирусга қарши эмлаш мутлақо бепул амалга оширилишини таъкидлаган.

Маълумот учун, Туркияда коронавирус инфекцияси билан кураш доирасида дам олиш кунлари комендантлик соати жорий қилинган.

21 ноябрдан эса, Туркиядаги хорижлик сайёҳлар мамлакатда дам олиш кунлари амалда бўладиган комендантлик соатига риоя этмаслиги мумкин бўлганди. 

Ўзбекистон элчихонаси Туркияда вақтинча бўлиб турган, доимий яшаётган, ўқиётган, меҳнат қилаётган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган ватандошлардан мамлакатда амал қилаётган чеклов чораларини ҳисобга олиш, ўз соғлиғига эътиборли бўлиш ҳамда расмий органларнинг аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган барча талабларини бажаришга чақирганди

Маълумот ўрнида, Туркияда коронавирусга чалинганлар 447 мингдан ошган. 12 мингдан кўп бемор вирус қурбони бўлган.