Туркия НАТО машғулотида иштирок этмайди

Туркия НАТО машғулотида иштирок этмайди

Туркия ҳарбий ҳаво кучлари Афина билан келишмовчилик туфайли НАТОнинг Грецияда ўтадиган «Tiger Meet» машғулотида иштирок этмайдиган бўлди. Бу ҳақда «Sabah» газетаси хабар бермоқда.

Аввалроқ, Туркиянинг «F-16 Fighting Falcon» қирувчи самолётлари 9-22 май кунлари юнон давлати ғарбидаги «Arakos» авиация базасида ташкил этиладиган Шимолий альянс машқларида иштирок этиши эълон қилинганди.

Хабарга кўра, Греция Бош авиация қароргоҳи Туркиянинг бу борадаги таклифини қабул қилмаган. Мазкур қарорга сабаб сифатида Туркия жанговар самолётлари Греция ҳаво чегараларини доимий равишда бузиб, мамлакатга тегишли ороллар узра парвоз этиши ҳақидаги баёнот кўрсатилган.

– Қоидага мувофиқ, машғулот олдидан мезбон давлат тадбирни ўтказиш бўйича техник келишув тайёрлайди. Шу асосга кўра техник регламентни ишлаб чиққан Греция томони ушбу ҳужжатнинг Туркия билан боғлиқ қисмига икки томонлама манфаатдан келиб чиққан ҳолда ўзгариш киритган, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ушбу қўшимчага қарши чиқиб, «халқаро ҳуқуққа зид техник регламент»ни ўзгартириш талабини қўйган. Афсуски, Туркия талаби Греция томонидан қабул қилинмаган. Айни пайт якуний қарор Греция расмийларига юборилган.