Туркия орқали юк ташиш учун айрим чекловлар қўйилди

Туркия орқали юк ташиш учун айрим чекловлар қўйилди

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида Туркия Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб халқаро юк ташишга қўшимча талаблар қўйди.

Агар ҳайдовчининг соғлиғини текшириш пайтида касаллик белгилари аниқланса, хорижий ҳайдовчиларнинг Туркияга киришига рухсат берилмайди, Туркия фуқаролари эса карантинга олинади.

Касаллик белгилари бўлмаса:

- Туркия ҳудуди орқали транзит ташишда транспорт воситалари кузатиш тизими (GPS) билан жиҳозланади, чегара дарвозасигача бўлган масофага қараб 24 соатдан 36 соатгача Туркияда бўлишига рухсат берилади. Бу муддат йўлларнинг ҳолати ва об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда 48 соатгача узайтирилиши мумкин. Автотранспорт воситалари олдиндан белгиланган маршрутга, станцияларга / тўхташ жойларига риоя қилишлари керак;

- Туркияга / Туркиядан юкларни ташишда хорижий ҳайдовчилар 14 кунлик карантин муддати тугамасдан мамлакат ҳудудига киришлари учун улар 72 соат ичида Туркиядан чиқиб кетишлари талаб этилади (йўллар, об-ҳаво шароити, божхона тартиблари ҳисобга олинган ҳолда узайтирилиши мумкин);

- Туркия ҳайдовчилари 14 кунлик муддат тугамасдан мамлакатдан чиқиб кетишлари мумкин;

- Дори воситалари, тиббий буюмлар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ташишга устувор эътибор берилади.

Кемада юк ташиш (Ro-Ro Travels) ҳайдовчилар иштирокисиз амалга оширилади (фақат ярим тиркамалар / тиркамалар қабул қилинади).

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркия ҳудуди орқали халқаро юк ташишни амалга оширишни режалаштирган жисмоний ва юридик шахсларга Туркия томонининг ушбу қарорини инобатга олишни тавсия қилади.