Туркияда март ойидан карантин чекловлари юмшатила бошланади

Туркияда март ойидан карантин чекловлари юмшатила бошланади

Туркияда март ойидан бошлаб жойлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб коронавирусга қарши киритилган чекловлар секин-аста юмшатила бошланади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған айтиб ўтди.

 

Айни вақтда Туркияда иш кунлари соат 21дан 5гача ҳамда жума соат 21дан душанба соат 5гача комендантлик соати амал қилиб келмоқда. Бундан ташқари, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофага амал қилиш шарт қилиб белгиланган. Ресторанлар, кафелар, тунги клублар ва бошқа кўнгилочар жойлар ёпилган.

“Коронавирусга қарши кураш суръатлари ва муваффақиятларимизни ҳисобга олиб, март ойидан бошлаб секин-аста чекловларни бекор қилишни бошлаймиз. Биз ҳудудларни тўрт тоифага – юқори, қониқарли, ўрта ва паст хавфга эга ҳудудларга бўлиб чиқамиз. Бу тоифалар бўйича ҳар бир вилоятда дам олиш кунлари комендантлик соатини бекор қилишдан бошлаб алоҳида ечимлар қабул қилинади”, деб айтган Эрдўған журналистларга. 

Туркия етакчиси яқин кунларда ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари очилиши бўйича йўл харитаси эълон қилинишини қўшимча қилган.

Эрдўған, шунингдек, Туркияда 5,5 млндан кўпроқ киши коронавирусга қарши эмланганини маълум қилган.