Туркманистон президенти “Жаҳаннам дарвозаси”ни сўндириш ниятида

Туркманистон президенти “Жаҳаннам дарвозаси”ни сўндириш ниятида
 
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қорақум саҳросидаги “Жаҳаннам дарвозаси” номи билан танилган газ кратери (олов)ни ўчириш усулини ихтиро қилишга кўрсатма берди, дея хабар тарқатган Туркманистон телевидениеси.

Бу ерда гап Туркманистоннинг энг диққатга сазовор жойларидан бири - “Қорақум шафақи” деб номланган жой ҳақида бормоқда.

Ушбу вазифани видеоконференция шаклида бўлиб ўтган вазирлар маҳкамаси йиғилишида давлат раҳбари мамлакат нефт-газ тармоғига жавоб берувчи Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Шаҳим Абраҳмонов зиммасига юклади. Бердимуҳамедовнинг таъкидлашича, дарвоза ҳудудида кўп йиллардан буён табиий газ ёняпти. Бу экологияга ва маҳаллий аҳоли соғлигига зарар етказади.

Бундан ташқари, Туркманистон етакчисининг таъкидлашича, мамлакат хорижга сотса бўладиган қимматбаҳо хом ашёни ҳам йўқотмоқда, бундан келадиган даромадни халқ фаровонлигини оширишга сарфлаш мумкин. Президент газ кратери муаммосини ҳал этиш учун илмий баҳс-мунозара ташкил этиш, зарурат туғилса, хорижлик экспертларни жалб қилишни таклиф этди.

Мазкур ғаройиб, диққатга сазовор жой Қорақум саҳросида, Ашхободдан 266 километр масофада, Дарвоза қишлоғи яқинида жойлашган. Кратер оғзининг диаметри тахминан 60 метр, чуқурлиги 20 метр. Ўрадан кеча-кундуз осмонга олов ўрлаб туради. 

"Жаҳаннам дарвозаси” инсон қўли билан яратилган, лекин қарийб ярим асрдан буён табиат ёдгорлиги сифатида сақланиб келяпти. 1971 йилда шу ерда газ қидирилиши чоғида, бурғулаш жараёнида ер ўпирилиши содир бўлган. Ўшанда геологлар чуқурликдан чиқаётган газни ёқишга қарор қилган. Яъни, мутахассислар чиқаётган газ бир кун келиб бутунлай ёниб тугайди, деб тахмин қилишган. Кон эса ҳали ҳам ёнишда давом этяпти.