Учоқ ҳалокати қурбонларидан олти нафари Канадада дафн этилди

Учоқ ҳалокати қурбонларидан олти нафари Канадада дафн этилди

27 ноябр куни етти юртдошимиз ичида бўлган олти кишилик кичкина учоқ Торонтодан Квебек шаҳрига кетаётиб, Кингстон шаҳри яқинларида ҳалокатга учраганди. Учоқда тўрт нафар катта ёшдаги ва уч нафар Ўзбекистонлик бола бўлган.

Ҳаммани ларзага солган воқеада Aмериканинг Техас штати Ҳюстон шаҳрида яшовчи учоқ эгаси ва бошқарувчиси Отабек Aблақулов, унинг турмуш ўртоғи, 15 ва 5 ёшдаги ўғиллари, 10 ёшдаги қизи, шунингдек Торонтода яшаётган Бобомурод ва турмуш ўртоғи бевақт ҳаётдан кўз юмишди.

Икки оила 28 ноябр куни Aмерикада қутланган Тhanksgiving - Берганингга шукур байрамидан фойдаланиб, Канаданинг французлар яшайдиган гўзал шаҳрига айлангани боришни режалаштирган экан.

ИТ мутахассиси ўлароқ ишлаётган Бобомуроднинг турмуш ўртоғи Канадага атиги бир неча ой олдин оилаларни бирлаштириш дастури орқали Бобомуроднинг ҳомийлиги остида келганди. Уни қаранг-ки, машъум воқеа юз берган куни илк бор янги ишда ярим кун меҳнат қилишга ҳам улгурган экан.

Марҳумларнинг жасадлари тиббий экспертизадан ўтказилди. Энг бошданоқ, уларни қаерга дафн етиш масаласи юзага чиқди.

Мен 29 ноябр куни "Озодлик" радиосига берган суҳбатимда марҳумлар Aмерика ва Канадага ўрнашиб, турмуш кечиришганини таъкидлаб, уларни уринтирмай, иккинчи ватанларида тупроққа бериш мақсадга мувофиқ бўлишини билдиргандим. Aлбатта, бу борадаги қарорни марҳумларнинг яқин оила-аъзолари бера олишарди.

Қолаверса, халқимизда марҳумнинг бадани совумасдан туриб, дафн қилиш керак деган гап бор.

Раҳматли Отабек ва Бобомуроднинг оиласи уларни Канадада дафн қилиш қарорига келишибди. Лекин, Бобомуроднинг турмуш ўртоғи ота-онаси ёлғиз қизини она-юртига олиб кетиб, дафн қилишга қарор қилишибди. Отасининг тез орада Торонтога етиб келиши кутилмоқда.

6 декабр жума куни Торонто яқинидаги Скарбўрў шаҳридаги Aбу Бакр Сиддиқия масжидида юзлаб юртдошларимиз ва бошқа мусулмонлар қатнашувида етти марҳумнинг жаноза намози ўқилди. Ўзбек дўпписи кийган ўнлаб киши жамоанинг диққатини тортди.

Телевидение ходимлари воқеаларни ёритиб борди.

Намозда қатнашиш учун юртдошларимиз Aмериканинг Ҳюстон ва Чикаго каби шаҳарларидан ҳам етиб келишди. Улар бошида дўппи, белбоғли чопон кийган Отабекнинг укасига далда беришди.

Намоздан кейин, олтита тобут солинган автомашиналар юздан ортиқ киши кузатувида 25 километр шимолда жойлашган Ричмонд Ҳилл яқинидаги мусулмонлар қабристонига олиб борилди.

Жасадлар олти киши учун қазилган битта қабрга дафн қилинди. Биринчи бўлиб марҳум Отабек қабрга қўйилди. Унинг ёнига сираси билан 15 ва 5 ёшли ўғиллари, қизи ва турмуш ўртоғи, ундан кейин Бобомуроднинг жасади қўйилди.

Ҳозирча ҳалокат об-ҳаво қулай бўлмаганидан юз берганми, техник носозлик сабаб бўлганми ёки инсон омилиданми - аниқ эмас. Буни аниқлаш учун учоқнинг ҳамма бўлаклари Канада авиация хавфсизлик кенгаши томонидан олиб кетилган.

Биз ўзга юртларда бевақт дунёдан ўтган юртдошларимизнинг оила-аъзолари, қариндош-уруғлари ва ёр-у биродарларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Расмлар муаллифга оиддир.

Торонто - Скарборў - Ричмонд Ҳилл - Торонто.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.