Учта сўзнинг юки

Учта сўзнинг юки

Пусан   шаҳар суди (Жанубий Корея) 23 март куни Кёнсан миллий университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабани ўқитувчини ҳақорат қилгани учун айбдор деб топди ва уни 4000 AҚШ доллари миқдорида жаримага тортди.

Суд қарорига биноан, Кёнсан университети ҳузуридаги Туризм ва меҳмонхоналарни бошқариш институтида ўқийдиган исми ошкор қилинмаган талаба Жанубий Кореядан чиқариб юборилади, деб ёзади ОАВга таяниб "Aniq.uz". 

Суд жараёни тафсилотлари билан таниш бўлган Жанубий Кореяда ўқиётган икки талабанинг айтишича, Бусан шаҳар суди Aлишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг лингвистик хулосаси ва корейс мутахассисининг ўзбек тилидаги сўзларига таяниб воқеани "жинсий зўравонлик" сифатида эмас, балки "енгил ҳақорат" сифатида қабул қилди.

Суд, шунингдек, ишни "босди-босди" ҳаракат қилган факультет деканига нисбатан алоҳида ажрим чиқарди. Декан расмий танбеҳ олди. Бундан ташқари, унга ўхшаш ҳолат такрорланган тақдирда, у бутун умр таълим тизимидан четлаштирилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Кёнсан миллий университети Туризм ва меҳмонхоналарни бошқариш институти профессори Хак Сеон Ким шу йил 22 март куни Тошкентдаги Aлишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтига хат юборди. Профессор ўз хатида ўзбекистонлик талаба иштирокидаги можаронинг моҳияти ҳақида қисман гапириб берди ва ўзбек талабаси томонидан унга ёзилган учта сўзга лингвистик изоҳ беришни сўраган. Унинг маълум қилишича, семестр охирида паст баҳога рози бўлмаган ўзбекистонлик талаба ўқитувчисининг электрон почтасига учта сўздан иборат ўта ҳақоратли хабар жўнатган.

Маълумотларга кўра, ўзбек профессори ўзбекистонлик талаба жанубий кореялик ҳамкасбига айтган сўзларнинг маъносини таржима қилган ва бу воқеа ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.