Украина президенти киберқўшин тузишни буюрди

Украина президенти киберқўшин тузишни буюрди

Украина президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК)нинг мамлакат кибермудофааси бўйича шошилинч чоралар тўғрисидаги қарорини кучга киритди. Тегишли фармон Украина президентининг сайтида эълон қилинди — дея ёзмоқда 'Daryo.uz' нашри.

«Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг 2021 йил 14 майдаги ‘Давлатни кибермудофаа қилиш бўйича шошилинч чоралар тўғрисида’ги қарори кучга киритилсин», — дейилади фармонда.

Ҳужжатга мувофиқ, Зеленский ҳукуматга икки ой ичида Украина Мудофаа вазирлиги тизимида фаолият кўрсатадиган киберқўшинларни яратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни ва кўриб чиқиш учун Олий Радага киритишни буюрди.

Бундан ташқари, президент ҳукуматга киберқўшинларни яратиш ва уларнинг тўғри ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган моддий, техник ва молиявий ресурслар миқдорини ҳисоблаб чиқишни буюрди. Шунингдек, янги турдаги қўшинлар сонини шундай аниқлаш керакки, ҳарбий хизматчилар, Мудофаа вазирлиги ходимлари ва бошқа тоифадаги шахсларнинг пропорцияси энг мақбул бўлиши лозим.

Март ойида МХМК Миллий киберхавфсизликни мувофиқлаштириш маркази қошидаги ишчи гуруҳ 2021—2025 йилларга мўлжалланган киберхавфсизлик стратегияси лойиҳасини маъқуллаганди. Ҳужжатда хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва ҳоказолардаги рол ва масъулиятлар белгиланган.

Бу йил Украина ҳукумати Россия Федерал хавсизлик хизматларини давлат органларидаги расмийларига хакерлик ҳужумлари уюштиришда бир неча бор айблади. Февраль ойида МХМК ҳукумат органларининг ҳужжат айланмаси тизимига киришга уринишлар ҳақида хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, бу ҳужум supply chain attack схемаси бўйича амалга оширилган, унда хакерлар нишондаги ташкилотга тўғридан-тўғри эмас, балки унинг воситалари ва хизматларидаги заиф томонлар орқали киришга ҳаракат қилади. МХМК воқеага «Россиядан келган хакерлик-жосуслик гуруҳларидан бири» алоқадорлигини айтган.

Март ойида Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) даъво қилишича, ФХХ назорати остидаги Армагеддон хакерлар гуруҳи Украина ҳукумати олий органларининг махфий маълумотларига киришга ҳаракат қилган. Ўшанда УХХ ҳужумни тўхтатишга ва «Россия махсус хизматларининг давлат ахборот ресурсларига рухсатсиз киришига имкон берадиган шарт-шароитларни йўқ қилишга» муваффақ бўлган.