Украинанинг Bees Airline лоукостери Киевдан Самарқандга қатнай бошлади

Украинанинг Bees Airline лоукостери Киевдан Самарқандга қатнай бошлади

Украинанинг Bees Airline лоукостери 30 август куни Киевдан Самарқандга ўзининг илк парвозини амалга оширди, деб хабар бермоқда Spot Flight Radar сервиси маълумотларига таяниб.

Компания чипталар савдосини август ойи бошларида эълон қилганди. Бироқ орадан бир неча кун ўтиб Транспорт вазирлиги Ўзбекистонда мунтазам ёки чартер парвозларни йўлга қўйиш юзасидан Bees Airline’дан мурожаат келиб тушмаганини маълум қилди ва хориж авиакомпаниялари «Ўзавиация» тегишли рухсатномасини олиши ва ана шундан сўнг авиачипталар сотувини бошлаши лозимлигини эслатиб ўтди.

Аммо Bees Airline нафақат режалаштирилган парвозни амалга оширди, балки 6 сентябрь куни бўлиб ўтадиган кейинги рейс учун ҳам чипталарни сотмоқда.

Маълумот учун, Bees Airlines — Украина бюджет авиакомпанияси бўлиб, Киев аэропортида, 2019 йилда ташкил этилган. Ҳаво парки 4 та самолётдан (Boeing-737-800) иборат. Арманистон, Болгария, Греция, Грузия, Миср, Туркия, Черногория ва ички йўловчи ташиш учун чартер рейслар амалга оширади.