Университетда қуёш электр стансияси ишга туширилди

Университетда қуёш электр стансияси ишга туширилди

Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига Республикамизда аккумуляторсиз 100 кВт қувватдаги тармоқ қуёш электр стансияси ўрнатилди. Университетнинг ётоқхонаси ва биноларнинг иссиқ сув таъминоти учун эса қуёш сув иситгичлари ўрнатилди. Университет ҳовлисини эса автоном қуёш ёритгичлари ёрдамида тўлиқ ёритилмоқда. Бир сўз билан айтганда университетда нафақат энерготежамкор технологиялардан фойдаланилган балки тежамкорлик билан фойдаланиладиган энергия ҳам қайта тикланувчи қуёш энергияси ёрдамида ишлаб чиқарилмоқда.

Ушбу қуёш электр стансиясининг афзаллиги шундаки, куннинг кундузги вақтида қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқилган электр энергиясини университет фойдаланаётган ички электр тармоғига параллел равишда қўшилади. Бунинг натижасида қуёш электр стансияси ишлаб чиққан электр энергияси миқдорича қувват ҳудудий электр тармоқларидан олиниши камаяди.

Aҳамиятлиси, дам олиш кунлари ҳамда талабаларнинг ёзги таътил вақтида университетда қуёш стансияси ёрдамида ишлаб чиқилган энергияга эҳтиёж бўлмаса электр энергиясини ҳудудий электр тармоқларига белгиланган таърифда сотилади.

Қуёш стансиясининг ўрнатилган майдони 1 200 квадрат метр бўлиб, ҳар бирининг қуввати 350 Вт бўлган 288 дона Республикамизда ишлаб чиқилган қуёш панелларидан иборат.

Стансиянинг бир йилда ўртача ишлаб чиқадиган электр энергияси миқдори 220 000 кВт соат, 25 йилдан кўп ишлаш вақтида эса стансия 5 млн. кВт соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради.

Қуёш стансиясига сарфланган маблағнинг 25 йиллик ишлаб чиқарилган электр энергиясига нисбатини оладиган бўлсак, мазкур электр стансияси ишлаб чиқарган 1 кВт соат электр энергиясининг нархи 157 сўмни ташкил қилади.

Ушбу стансияга СУН-ҲИГҲТЕЧ корхонаси 7 йил кафолат беради, бу муддатда эса қуёш стансияси ўзига сарфланган маблағни тўлиқ қайтаради. СУН-ҲИГҲТЕЧ корхонаси Юнусобод кичик саноат зонасида 2021 йилда 100 МВт қувватдаги қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи замонавий ишлаб чиқариш линиясини ўрнатиш орқали, кейинги йилларда ўрнатиладиган қуёш стансияларининг ўзини оқлаш муддатини беш йилгача камайтиришни мақсад қилган.

Ушбу қуёш электр стансиясининг яна бир афзаллиги шундан иборатки, стансияда республикамизда илк бор кунлик, ойлик ва йиллик ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдорини онлайн, мобил илова ёки сайт орқали кузатиб бориш имконини берувчи тизим ўрнатилган.

Университетга ҳар бирининг ҳажми 200 литрдан иборат, умумий ҳажми 7 000 литр бўлган республикамизда ишлаб чиқарилган қуёш сув иситгичлари ўрнатилган.

Ушбу қуёш сув иситгичлари йил давомида 2 000 000 литрдан ортиқ иссиқ сув ишлаб чиқарса, бутун ишлаш вақти давомида қарийб 100 000 метр кубдан ортиқ табиий газни иқтисод қилади. Ушбу қуёш сув иситгичлари табиий беш йилга қолмасдан ўзига сарфланган маблағни тўлиқ қайтаради.

Электр энергиясига бўлган талаб йил сайин ортиб бориши сабабли, электр энергиясига бўлган талабни қондириш мақсадида мамлакатимизда мавжуд электр стансияларининг электр блоклари модернизация қилинмоқда, бундан ташқари янгидан янги электр стансиялари ишга туширилмоқда. 

Шунга қарамай Республикамизда баъзи вақтларда электр энергияси етишмовчилиги кузатилмоқда. Мамлакатимиздаги мавжуд биноларнинг миллионлаб квадрат бўш турган томидан оқилона фойдаланилса Республика энергетика тизимига юзлаб мегават янги электр стансияларини қўшиш мумкин.

Юқоридаги каби қуёш стансияларининг ортиб бориши эса ҳудудий электр тармоқларида ва трансформатор пунктларида электр юкламасининг камайишига, иқтисод қилинган электр энергияси эса бошқа истеъмолчиларни ишончли электр энергияси билан таъминланишига, трансформатор пунктларида юкламаларнинг камайиши натижасида уларга кўрсатиладиган эксплуатацион харажатларнинг камайишига, электр тармоқларида юзага келадиган йўқотишларнинг камайишига ва энг асосийси қуёш электр стансиялари ўрнатиладиган индувидуал объектларда электр энергиясига бўлган харажатларнинг бир неча баробар камайишига, иссиқлик электр стансияларида ёқиладиган кўмир ва табиий газни тежашга олиб келади.

Катта қувватдаги электр энергияси истеъмол қиладиган кластерлар, саноат корхоналари, текстил фабрикалари, саноат миқёсидаги музлатгичлар ва бошқа тадбиркорлик субъеткларида бундай қуёш стансияларининг ўрнатилиши маҳсулот тан нархининг тушишига олиб келади. Бундан ташқари Республикамизда кичик ва ўрта қувватдаги қуёш электр стансияларининг оммавий ўрнатилиши ўн минглаб янги иш ўринларини яратади.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати