Урганчда "Хоразмча тендер": Урганч тумани СЭО томонидан ўтказилган тендерда раҳбарнинг укасига тегишли корхона ғолиб чиқди

Урганчда

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли топшириғи асосида, махсус ахборот порталга жойлаштирилган очиқ маълумотлар асосида давлат харидлари соҳасида доимий равишда ўрганиш ишлари ўтказилмоқда, дея хабар бермоқда қўмита Ахборот хизмати. 

Маълум қилинишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлими бошлиғи лавозимига Атаниязов Икром Болтабоевич тайинланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу лавозимда 2020 йилнинг ноябридан бери ишлаб келади.

Санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлими томонидан 2021 йил 26 мартда эълон берилиб, бўлим биноси ва хожатхонасини жорий таъмирлаш учун 2021 йил 7 апрель санасида танлов ўтказилган.

Комиссия қиймати 225,5 млн. сўм бўлган бинони жорий таъмирлаш учун “ЖК” МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олади. Ўрганиш давомида мазкур корхона устав фондидаги улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича бўлим бошлиғи Атаниязов Икром Болтабоевичнинг укасига тегишли эканлиги кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6019-сонли Фармонига мувофиқ ошкораликни таъминлаш ва давлат хариди тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш мақсадида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб Фармоннинг 2-бандига асосан, давлат буюртмачиси, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамияти ва корхонаси билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект давлат харидларини ёки энг яхши таклифларни танлаб олишнинг ёхуд тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчиси бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 40-моддасида “Давлат харидлари жараёнида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмайди” – деб белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, Санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлимиги нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.

Ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, танлов савдоси бекор қилинди ва “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 178-қисм 6-қисмига мувофиқ расмийлаштирилган маъмурий иш хужжатлари тегишли Суд органига ўтказилди.