Урушда бедарак йўқолган ўзбек жангчисининг хоки Ватанига келтирилди

Урушда бедарак йўқолган ўзбек жангчисининг хоки Ватанига келтирилди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Бобораҳим Абдуллаев 1922 йил Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган. У 1941 йил Иккинчи жаҳон урушига кетган эди.

Уруш тугагач, унинг бедарак йўқолганлиги тасдиқланганди. Бироқ 2020 йил октябрь ойида Санкт-Петербургнинг "Линия фронта" қидирув отряди томонидан Ленинград вилояти, Кировск тумани, Молодцово қишлоғи яқинида Иккинчи жаҳон урушида вафот этган аскарларни қидирув ишлари олиб борилиши натижасида бир аскарнинг жасади қолдиқлари ёнидан топилган ҳужжати ва медалонига кўра Бобораҳим Абдуллаев эканлиги тасдиқланди.

Санкт-Петербург шаҳар ташқи алоқалар қўмитаси бошқармаси бошлиғи Е. Кассюранинг таъкидлашича, Ленинград қамали пайтида урушдан, совуқдан ва очликдан 420 минг нафар аҳоли, шулардан 7 минг нафар ўзбекистонлик аскар вафот этган ва улар ҳаққига Санкт-Петербург шаҳридаги Пскаревский қабристонида ёдгорлик ўрнатилган.

Она ватанига келтирилган ўзбек ўғлонининг хоки Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги бошчилигида Каттақўрғон тумани ҳокимлиги, фахрийлар, ёшлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида ўзи туғилиб ўсган Энам яхши қишлоғининг халқ қабристонига мусулмонлар удумига кўра қайта дафн этилди.

Маросимда марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, яқинларига ҳамдардлик билдирилди.

– Эндигина эсимни таниганимда, отам билан энам, “икки болам урушдан қайтмади-я”, дея хўрсиниб йиғлаганлари ҳамон ёдимда, – дейди Бобораҳим Абдуллаевнинг синглиси Ойсаҳат Исломова. – Акам энди йўқолган аскарлар қаторида эмас, балки ўзининг қаҳрамон сафдошлари билан ўзбек заминида абадий тинчлик топган аскар бўлди. Бунинг учун барча-барчага ўз минатдорлигимни билдираман.

Марҳумнинг хоки билан биргаликда келтирилган буюмлари эндликда яқинларининг розилигига кўра, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган "Шон-шараф" музейида сақланадиган бўлди.

Отабек НОРБОЕВ,
Марказий ҳарбий округ
матбуот хизмати ходими