Ушбу шахснинг шовинистик ва ҳақорат руҳидаги даъволари афсуски биринчи марта эмас — Кушербаев Жириновский ҳақида

Ушбу шахснинг шовинистик ва ҳақорат руҳидаги даъволари афсуски биринчи марта эмас — Кушербаев Жириновский ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Расул Кушербаев Россиядаги ЛДПР раҳбари В.Жириновскийнинг даъволари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Россиядаги ЛДПР раҳбари В.Жириновский Толибон баҳонасида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон Россия таркибига губерния сифатида киритилиши керак, деган даъво билан чиқибди.

Шу жойига битта қўпол гап келди-ку... майли.

Ушбу шахснинг шовинистик ва ҳақорат руҳидаги даъволари афсуски биринчи марта эмас. Менимча ҳали бундай гапларни яна кўп эшитамиз. Лекин ит ҳурар карвон ўтар, деган гап бор.

Бир нарса аниқ: Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистонга нисбатан турли таҳдидлар кўп бўлган ва барчаси ўз вақтида бартараф этилган.

Ўзбекистон Қуролли кучлари профессионал даражада ва айни вақтда ҳар қандай таҳдидни бартараф эта олиш имкониятига эга. Бу масалада давлат раҳбари Ш. Мирзиёев ҳам бир неча бор Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб таъкидлаб ўтди.

Шу боис, Россиядаги ЛДПР раҳбари, сиёсатчи В.Жириновскийнинг билдираётган фикрлари давлатлараро икки томонлама тенг муносабатлардан йироқ, нохолис ва ҳақоратлидир. Биз сиёсатчиларнинг бошқа халқ ва мамлакатларга нисбатан муносабатлари тенглик, ҳурмат ва холисликка асосланиши, керак, деб ҳисоблаймиз.

Ҳеч кимга бутун бир халқ ва мамлакатни камситишга ҳуқуқ берилмаган.

Ўзбекистон ўзининг ривожланиш йўлига эга мустақил, суверен мамлакат. Ва шундай бўлиб қолади" деб ёзади депутат.