Усмон Юсупов уй-музейи реконструкция қилинмоқда

Усмон Юсупов уй-музейи реконструкция қилинмоқда

ЎзМАА

Янгийўл шаҳрининг марказида шу йилнинг 1 март куни 120 йиллиги кенг нишонланиши кўзда тутилган Усмон Юсуповнинг тарихий уй-музейи реконструкция қилинмоқда. Унинг умумий майдони – 9380 кв.м. бўлиб, иккита бино, яъни мемориал уй ва экспозиция кўргазма залидан иборат.

Усмон Юсупович Юсупов - Совет давлати ва партияси раҳбари. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби (1937-1950). 

Усмон Юсупов ташаббуси ва шахсий иштироки билан 1939 йилда 160 минг ўзбеклар қисқа вақт 45 кун ичида, деярли қўл билан, фақат кетмон ва белкурак ёрдамида 18 миллион кубометр тупроқни чиқариб, Фарғона каналини қурди. Унинг узунлиги 345 километр бўлиб, совет иттифоқининг пахта импортига чек қўйилишига замин яратган.

Ушбу уй-музейга Усмон Юсупов оиласи билан 1945 йилда кўчиб келган ва ҳаётининг кўп қисмини шу уйда кечирган. Усмон Юсупов 1966 йил 7 майда, унинг турмуш ўртоғи Юлия Леонидовна Степаненко 1972 йил 28 апрелда вафот этган.

Шундан сўнг 1974 йил 24 июнда Ўзбекистон фанлар академиясининг Ўзбекистон халқлари тарихи музейининг филиалида Усмон Юсупов уй-музейи ташкил этилади. 1975 йил 1 мартда эса музейнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.