UzAuto Motors 2022 йилнинг ёзидан Tracker ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

UzAuto Motors 2022 йилнинг ёзидан Tracker ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

UzAuto Motors базасида Tracker автомобилларини оммавий равишда ишлаб чиқариш 2022 йилнинг ёз фасли ўрталарига режалаштирилмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Олдинроқ Асакадаги автозаводда мазкур машинанинг биринчи тест версияси ишлаб чиқарилган. «Ҳозирда конвеерни созлаш ва автомобилларни тестдан ўтказиш жараёнлари кетмоқда», — дейилади компания хабарида.

Маълум қилинишича, автомобили модели Global Emerging Markets (GEM) ягон бюджет платформада кичик узелли йиғиш усули орқали ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси камида 50 фоиз бўлиши кутилмоқда. «Аммо биз ушбу кўрсаткични ошириб борамиз», — дейди компаниядагилар.

Ишлаб чиқариш ҳажми йилига камида 80 минг автомобилни ташкил этади. Ҳозирча маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи тайёр ҳолда импорт қилинадиган Tracker моделидан қанчалик фарқ қилиши номаълум.

«Тажрибадан маълумки, автомобилнинг ҳақиқий нархи ҳақида фақатгина таннархи аниқ бўлгач, гапириш мумкин. Сўнгги йилларда бунга логистика ва импорт қилинадиган микрочипларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазият катта таъсир кўрсатмоқда», — дейилади компания хабарида.

Маълумотларга кўра, Chevrolet Onix ва Tracker битта платформада йиғилади. Янги платформани жорий этиш дастури янги ишлаб чиқариш тизимига ўтишни, автомобиллар қисмларини маҳаллийлаштириш ва мослаштиришга имкон беради. UzAuto Motors’нинг Асака шаҳридаги заводида янги платформани жорий этиш дастурини амалга ошириш учун қўшимча тарзда яна 500 нафарга яқин хорижий мутахассис жалб қилинган.