«UzAuto Motors» Tracker-2 автомобилини синовдан ўтказмоқда

«UzAuto Motors» Tracker-2 автомобилини синовдан ўтказмоқда

«UzAuto Motors» Асака шаҳридаги заводда янги Чевролет Chevrolet Tracker-2 автомобилини церийали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг навбатдаги босқичини бошлади. Бу ҳақда «UzAuto Motors» матбуот хизмати хабар бермоқда.

Айни пайтда синов тариқасида ишлаб чиқарилган Chevrolet Tracker автомобиллари «non saleable», яъни «сотув учун мўлжалланмаган» ҳисобланади.

«Сотув учун мўлжалланмаган автомобилларнинг ишлаб чиқарилиши, йиғув жараёнидаги барча зарурий босқичларни синаб кўриш ҳамда қайта ишлаш имконини беради», дейилади хабарда.

Chevrolet Tracker автомобили ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишга тайёргарлик жараёнида синов учун 16 дона автомобиль ишлаб чиқарилади. Кейинчалик ушбу автомобиллар нотекис йўлда ҳаракатланиш ва иқлим шароитига мослашувчанлиги текширувдан ўтказилади.

«Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва синовдан ўтказишга тайёргарликнинг барча босқичлари режа асосида олиб борилмоқда, камчиликлар аниқланмади» дейди лойиҳа раҳбари Толибжон Самсоқов.

Эслатиб ўтамиз, «UzAuto Motors” АЖ жорий йилнинг ёзида Chevrolet Tracker-2 автомобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.