UzAuto Motors заводда жой қолмагани сабабли Lacetti’ларни дон омборида сақлашни бошлади

UzAuto Motors заводда жой қолмагани сабабли Lacetti’ларни дон омборида сақлашни бошлади

UzAuto Motors компанияси ижтимоий тармоқларда Chevrolet Lacetti автомобиллари дон омбори ҳудудига жойлаштирилаётгани тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда бир нечта автоконтейнерларга ортилган Chevrolet Lacetti автомобиллари дон омбори томон кетаётгани тасвирланган видео тарқалган. Видеода муаллиф автомобиллар нима учун омбор томон йўналтирилаётганини сўраган.

Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу автомобиллар тайёр, аммо уларда яримўтказгич детали мавжуд эмас.

«Тўғри, шу каби вазиятлар мавжуд. Гап шундаки, компания кунига 250—300 дона Chevrolet Lacetti автомобилини ишлаб чиқаради. Биз ушбу автомобилларни яримўтказгич деталининг йўқлиги сабабли ўз эгаларига топширолмаймиз. Автомобиль тайёр, аммо биргина деталнинг йўқлиги қайсидир тизимнинг ишламаслигига сабаб бўлади. Масалан, хавфсизлик ёстиқчалари», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, UzAuto Motors ушбу детални олиши биланоқ, уни автомобилларга ўрнатади ва харидорга топширади.

«Бу тайёр, аммо сотиб бўлмайдиган автомобиллар заводдаги тайёр маҳсулот учун ажратилган жойни тўлдириб бўлишди. Мана шу сабаб билан UzAuto Motors ‘Ўздонмаҳсулот’ билан автомобилларни корхона ҳудудида вақтинча сақлаш тўғрисида шартнома тузди», — дея қайд этилади хабарда.