UzAuto Motors заводига олиб келинаётган 2030 та Nexia-3 кузовига етадиган пўлат листларнинг бир қисми талон-торож қилинди

UzAuto Motors заводига олиб келинаётган  2030 та Nexia-3 кузовига етадиган пўлат листларнинг бир қисми талон-торож қилинди

Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводига олиб келинаётган пўлат листлар талон-торож қилинди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 12 июнь куни UzAuto Motors’нинг Асака шаҳридаги заводига етказилган юкда пўлат листларнинг бир қисми етишмаётганлиги аниқланди.

Россиядаги «Северстал» компаниясининг юк вагонлари заводга кириш пайтида кўрикдан ўтказилганида вагондаги юклардан бирининг қадоғи бузилганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан UzAuto Motors АЖнинг комплаенс хизмати томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра, вагонга ортилган пўлат листларнинг бир қисми компанияга етиб келгунга қадар номаълум шахслар томонидан ўғирланганлиги аниқланди.

Қайд этилишича, ишлаб чиқариш стандартларига мувофиқ, ушбу талон-торож қилинган пўлат листлар меъёр сарфига мувофиқ, 2030 та Nexia-3 ёки 871 та Gentra ёки 970 та Labо автомашиналари кузов қисмларини ишлаб чиқариш учун ишлатилган бўларди.

Ушбу ҳодиса юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижасида тўпланган барча материаллар айбдор шахсларни аниқлаш учун ҳамда юклар ташилишида уларнинг хавфсизлиги ва самарали қўриқланишига масъул бўлган ИИВнинг транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг хизмат вазифаларини қонуний бажарганлигига ҳуқуқий баҳо бериш учун Транспорт прокуратурасига юборилди.